Шуҳрат Ғаниевнинг матбуот котиби Муҳаммаджон Обидов истеъфога чиқди. У пневмония билан касалланганини маълум қилди

Фарғона вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати раҳбари Муҳаммаджон Обидов истеъфо берди. Бу ҳақда Обиджонов ўзининг Facebook’даги саҳифасида маълум қилган.

Фото: Facebook/ Муҳаммаджон Обидов

Маълум бўлишича, ҳозирда у коронавирус билан касалланган, ўпкасининг 45 фоизи шикастланган. Матбуот котиби ҳокимликнинг ахборот хизматини бир кун ҳам ишсиз қолдириб бўлмаслигини, шунинг учун истеъфо беришга қарор қилганини ёзган. Шунингдек, у 17 сентябрдан бери шифохонада эканлиги, шу сабаб Шуҳрат Ғаниевни кузатиш, Хайрулло Бозоровни тайинлаш маросимида ҳам қатнаша олмаганини билдирган.

«Бир йил Ғаниев билан астойдил, фидойилик ва садоқат билан ишладим. Янги тизим — ахборот хизмати имиджини ҳам яратдик. Мен шу давр фаолиятим билан фахрланаман. Ғаниев кучли шахс ва буни республика миқёсида қиладиган ишлари билан исботлашига аминман. Дўстлар, менинг истеъфоимни бошқача талқин қилмай, қандай бўлса шундайлигича қабул қиласизлар, деб умид қиламан. Қўлингиздан келса, дуо қилиб қўйинг», — деб ёзган Муҳаммаджон Обидов.

Аввалроқ Шуҳрат Ғаниев бош вазир ўринбосари этиб тайинлангани, Фарғона вилоятига янги ҳоким тайинлангани хабар қилинган эди.

Янгиликлар