Ўзбекистонда уйда даволанаётган коронавирус беморларига пульсоксиметр ва кислород концентраторлари бепул берилиши мумкин

Коронавирусга қарши кураш республика махсус комиссияси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги тиббий муассасалардан пульсоксиметр ва кислород концентраторларини вақтинча бепул бериш ҳақидаги таклифни маъқуллаган. Бу ҳақда «Газета.uz» хабар берди.

Хабарга кўра, пульсоксиметр ва кислород концентраторларини коронавирус белгилари бор, лекин уй шароитида реабилитация қилишга муҳтож бўлган беморларга бериш режалаштирилмоқда. Шунингдек, қурилмалар захирада мавжудлиги ва тиббий муассасанинг имкониятидан келиб чиқиб, шартнома асосида берилади. Қайд этилишича, махсус комиссия баённомаси билан пульсоксиметр ва кислород концентраторларини бепул бериш тартибини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилган.

Маълумот ўрнида, ҳужжат билан дорихоналарда тайёрланадиган дори воситалари, тиббий буюмлар ва бошқа маҳсулотларнинг улгуржи савдосига рухсат 31 декабргача узайтирилган.

Аввалроқ Самарқанд шаҳрида 600 минг долларлик кислород заводи ўрнатилиши ҳамда Бухорода тадбиркорлар соғлиқни сақлаш тизими учун кислородли концентраторлар хайрия қилгани ҳақда хабар берилган эди.

Янгиликлар