Қўшработда ЙТҲ содир қилган ҳайдовчи марихуана билан қўлга тушди (видео)

Самарқанд вилояти ИИБ ижтимоий тармоқларда тарқалган «Ички ишлар ходимлари ва фуқаро ўртасида содир бўлган» номли видеолавҳа юзасидан расмий муносабат билдирди.

Маълум бўлишича, ҳолат 2020 йил 26 октябрь куни соат 15:00 ларда Қўшработ тумани «Мустақиллик» маҳалласи Мустақиллик кўчасида содир бўлган.

Ҳайдовчи Т.Р. бошқарувида бўлган «Labo» русумли автомашина шу йўлда қарама-қарши бўлакда ҳаракатланиб, ўз йўлида келаётган ҳайдовчи С.С. бошқарувида бўлган «Ваз-2101» русумли автомашина билан тўқнашиб, йўл-транспорт ҳодисаси содир қилган.

Самарқанд вилояти ИИБ ЙҲХБ 4-отряди ходимлари ҳодиса содир бўлган жойни кўздан кечириш вақтида ҳайдовчи Т.Р. оғзига номаълум модда солиб, ютишга ҳаракат қилган. ЙПХ инспекторлари шу ердаги жамоатчилик ёрдамида унинг оғзидан ушбу моддани олиб, ҳайдовчини туман ИИБ маъмурий биносига олиб келган.

Шунингдек, ҳайдовчининг ёни кўздан кечирилганда чўнтагидан гиёҳванд модда истеъмоли учун мослаштирилган, ангишвона ўрнатилган елим идиш қопқоғи борлиги аниқланиб, холислар иштирокида ҳужжатлаштириб олинган.

Самарқанд вилоят ИИБ Эксперт-криминалистика бўлимининг судга оид кимёвий экспертиза маълумотномасига кўра, Т.Р.нинг оғизидан олинган модда соф оғирлиги 0,47 граммга тенг марихуана гиёҳвандлик моддаси эканлиги аниқланган.

Мазкур ҳолат бўйича терговга қадар текширув олиб борилмоқда.

Аввалроқ Фарғонада чўнтагида гашиш олиб юрган маст эркак қўлга олингани, Балиқчида чўнтагида 2, 34 грамм марихуана олиб юрган эркак ушлангани хабар қилинган эди.

Янгиликлар