Ўзбекистонда коронавирус бўйича саволларга жавоб берувчи Call-марказ фаолияти вақтинчалик тўхтатилди

Ўзбекистонда аҳолидан тушаётган мурожаатларнинг кескин камайгани сабаб коронавирус бўйича саволларга жавоб берадиган Call-марказ фаолияти вақтинчалик тўхтатилади. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Фото: «Adti.uz»

Ўзбекистонда коронавирус билан боғлиқ вазият мураккаблашган шароитда аҳолининг касаллик билан боғлиқ саволларига ўз вақтида жавоб бериш, тиббий йўл-йўриқ кўрсатиш тизими йўлга қўйилган эди. Вазирлик хабарида айтилишича, бу тезда самара бериб, аҳолидан келаётган мурожаатлар оқими бир тизимга тушишига сабаб бўлган.

«Сўнгги вақтларда уй шароитида даволанаётган беморларга ҳамда карантинга олинган шахсларга тиббий маслаҳат ва ахборот бериш мақсадида туну кун узлуксиз фаолият кўрсатувчи 1105 қисқа рақамли Сall-марказга мурожаатларнинг кескин камайгани кузатилди.

Айни пайтга келиб, коронавирус билан боғлиқ эпидемиологик вазият бироз барқарорлашгани инобатга олиниб, 1105 қисқа рақамли Call-марказ фаолиятини вақтинчалик тўхтатиш ва унинг вазифаларини 1003 Call-марказига юклатиш белгиланди», дейилади хабарда.

Аввалроқ Самарқанд шаҳридаги 2- ва 4-сонли оилавий поликлиникалар коронавирусни даволовчи махсус поликлиникаларга мослаштирилгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Ўзбекистонда 700 дан ортиқ қишлоқ врачлик пункти қайтадан ташкил этилгани ҳақида хабар берилган.

Янгиликлар