Самарқанд шаҳридаги 2- ва 4-сонли оилавий поликлиникалар коронавирусни даволовчи махсус поликлиникаларга мослаштирилди

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг «Коронавирусга чалинган беморларга кўрсатилаётган амбулатор ёрдамни янада такомиллаштириш чоралари тўғрисида»ги 200-сонли буйруғига асосан Самарқанд шаҳридаги 2- ва 4-сонли оилавий поликлиникалар махсус поликлиникаларга мослаштирилди. Бу ҳақда «Tez news» мухбири хабар берди.

Маълум қилинишича, мазкур оилавий поликлиникалар замонавий рентген аппарати, пульсоксиметр, ЭКГ-аппарати, УТТ-аппарати, 4 та кислород концентратори каби керакли аппаратуралар билан жиҳозланган. Ушбу поликлиникаларда 12 ўринли кундузги стационар хизмати ташкил этилиб, малакали тиббий ходимлар билан таъминланган ва 12 соатлик иш режими белгиланган.

Коронавирус инфекцияси билан оғриган бемор аҳоли орасида аниқланганда беморни стационар ёки уй шароитида даволаниши учун тўғри тавсия берилишини йўлга қўйиш мақсадида шаҳар бўйича жами 11 та мобиль гуруҳ шакллантирилган. Уларга туну кун фаолият олиб боришлари учун автомашиналар бириктирилган.

Шаҳарда фаолият юритаётган мобиль гуруҳлар учун вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан 10 та автомашина олиб берилган. Тез тиббий ёрдам хизматига аҳолидан тушаётган чақирувлар юкламаларини камайтириш мақсадида шаҳардаги  оилавий поликлиникаларга жами 111 та мобиль телефонлар олиб берилган. Шунингдек, барча бирламчи тиббий муассасалар 24 соатлик иш режимига ўтказилган.

Эслатиб ўтамиз, Самарқандда COVID-19 билан оғриган беморлар учун қисқа рақамли Call-марказ ташкил қилинган.

Аввалроқ Ўзбекистонда коронавирус касаллари сони камайганига қарамай, нега ҳали ҳам чет элдан шифокорлар таклиф этилаётгани сабаби айтилгани ҳамда Каттақўрғонда коронавирусни ПЗР усулида текшириш учун вирусология лабораторияси ишга туширилгани ҳақда хабар қилинганди.