Зангиота юқумли касалликлар шифохоналарида коронавирусга оид илмий тадқиқотлар олиб борилади

Тошкент вилояти Зангиота туманидаги юқумли касалликлар шифохоналарида коронавирусга оид илмий тадқиқотлар олиб борилади. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: «Tez News»

Таъкидланишича, 1- ва 2-сон Зангиота туман юқумли касалликлар шифохонасида коронавирус ва пневмония билан касалланган беморлар кескин камайган. Натижада тумандаги муассасалар базасидан унумли фойдаланиш ҳамда келгусида уларнинг фаолиятини тиббиётнинг бошқа йўналишларига ҳам мослаштириш мақсадида реабилитация бўлимлари ташкил этилиши кўзда тутилмоқда.

Шунингдек, ушбу шифохоналарда коронавирусга оид илмий-тадқиқот ва инновация ишларини амалга ошириш мўлжалланган. Шу мақсадда шифохоналарда илмий ишлар бўйича директор ўринбосари лавозими жорий қилинади.

Аввалроқ Тошкентдаги COVID-19 беморлари учун мўлжалланган айрим тақсимлаш марказлари беморлар камайгани сабабли ёпилгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Самарқанд вилоят ҳокимлиги ва вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилган Каттақўрғон шаҳри ҳамда Ургут туманларидаги COVID-марказлари ёпилгани ҳақида хабар берилган.

Янгиликлар