Фарғонада маиший техника воситаларини арзон нархда олиб беришини айтиб, танишини 55 минг долларга «ухлатган» шахс қўлга олинди
Фарғона шаҳрида танишига Тошкентдан арзон нархда маиший техника воситаларини олиб келиб беришини айтиб, 55 250 долларга чув туширди. Бу ҳақда Фарғона вилояти ИИБ ахборот хизмати хабар берди.
Фарғона шаҳрида 2020 йилнинг июль ойида фуқаро Н.С. шаҳар марказида таниши Й.М.га Тошкент шаҳридан арзон нархда маиший техника воситаларини олиб келиб беришини айтиб, 55 250 доллар олган. Сўнг берган ваъдасини бажармасдан қўлга киритган пулларни ўз эҳтиёжларига сарфлаб юборган.
Мазкур ҳолат юзасидан Фарғона шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» (Фирибгарлик) банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Маълумот учун, Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисмида кўрсатилган жиноятни содир этган шахс ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Аввалроқ Наманганда фуқарони 200 минг долларга чув туширган шахсга ва Қувасойда 18 миллион сўм эвазига ер олиб беришини ваъда қилган фирибгар аёлга жиноят иши қўзғатилгани хабар қилинган эди.