Самарқандда маҳалла инспектори ўзини каналга ташлаган фуқарони қутқарди

Самарқанддаги Обираҳмат каналида чўкаётган шахс маҳалла инспектори томонидан қутқариб қолинди. Бу ҳақда вилоят ИИБ хизмати хабар қилди.

«Қутқарган вақтимда бу фуқаронинг жони узилиб бўлган деб ўйлагандим. Яхшики, ундай эмас экан. Биринчи ўринда тезкор тез тиббий ёрдам кўрсатдик. Профилактика инспекторлари ёрдамида фуқарони қутқариб қолдик», — дейди маҳалла инспектори.

Хабарга кўра, текширув давомида фуқаро кучли даражада маст ҳолатда бўлгани ва бунга қадар бир неча бор маҳалла фуқаролари уни сувдан олиб чиққанига қарамасдан у яна ўзини сувга ташлагани маълум қилинди.

Суриштирув натижасида ушбу шахс Самарқанд шаҳри «Галаосиё» маҳалласида яшаши аниқланган. Ва уйига соғ-саломат етказилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқандда оёғи темир панжарага тиқилиб қолган қизалоқ қутқариб қолингани ҳамда 34 ёшли аёл ва унинг 30 ёшли эркак таниши ўз жонига қасд қилгани ҳақида хабар қилинганди.