Олотда 30 та мактаб анъанавий шаклда фаолиятини бошлади

Бухоро вилояти Олот туманида 29 сентябрь, сешанба кунидан бошлаб мавжуд 33 та мактабдан 30 таси 2020/2021 ўқув йилини анъанавий шаклда бошлагани маълум қилинди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Фото: Олот туман ҳокимлиги матбуот хизмати

Хабарга кўра, туманда бугунги кунда 33 та умумтаълим мактаби, 2 та ихтисослашган давлат умумтаълим мактаб интернати мавжуд. Туманда бугунги кун ҳолатига кўра, туман халқ таълими бўлимига қарашли 30 та мактаб ананавий шаклда фаолиятини бошлади.

Фото: Олот туман ҳокимлиги матбуот хизмати

Маълум қилинишича, қолган 3 та: 6, 23 ва 28-умумтаълим мактабларида қурилиш ва таъмирлаш ишлари ҳали давом этаётганлиги сабабли фаолиятини бошламади. Хабарда айтилишича, 29 сентябрь, сешанба кунидан бошлаб ушбу 30 та мактабда синов тариқасида таълим жараёнлари бошланди.

Таъкидланишича, фаолият бошлаган мактаблар пирометр ва антисептик воситалар, ниқоблар билан тўлиқ таъминланган. Барча мактабларнинг кириш ва чиқиш эшиклари ҳамда йўлаклари алоҳида қилиб шакллантирилган.

Фото: Олот туман ҳокимлиги матбуот хизмати

Шунингдек, кириш вақтида 2 метр оралиқ масофалар белгиланган, дезинфекцияловчи тўшамалар, фильтр дафтарлар, тиббий пункт ва изолятор хоналар, қайнатилган тоза ичимлик суви ташкил этилган. Ҳар бир таълим даргоҳи ҳожатхоналари ишчи гуруҳ томонидан кўздан кечирилиб, жорий таъмирдан чиқарилган.

Қайд этилишича, Олот туманида халқ таълими бўлими, Санитария-эпидемиология осойишталик маркази, тиббиёт бирлашмасининг хулосаси ҳамда Халқ депутатлари туман кенгашининг тегишли қарорлари билан 30 та таълим муассасасида 2020/2021 ўқув йилини анъанавий тарзда бошлашга рухсат берилган.

Маълумот ўрнида, мактабларнинг очилиши тўғрисидаги қарорлар ҳар бир мактаб бўйича индивидуал тарзда санитария-эпидемиологик вазият инобатга олинган ҳолда ҳудуддаги эпидемиологик вазият ва соғлиқни сақлаш тизимининг вазиятга тайёрлигидан келиб чиқиб, соғлиқни сақлаш тизими хулосаларига мувофиқ фақатгина маҳаллий кенгаш депутатлари рухсатидан сўнг қабул қилиниши белгиланган.

Аввалроқ Самарқандда 482 та, Бухорода 33 та ҳамда Қоракўлда 3 та мактаб анъанавий шаклда фаолиятини бошлагани ҳақида хабар берилган эди.