Сўх туманида нострификация жараёнлари бошланди (фото)

Фарғона вилояти Сўх туманида нострификация жараёнлари бошланди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги матбуот хизмати «Tez News»га хабар берди.

Фото: Сўх тумани ҳокимлиги матбуот хизмати

Хабарга кўра, 29 сентябрда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси вакиллари Сўх туманига сайёр шаклда белгиланган синовларни ўтказиш учун борган.

Фото: Сўх тумани ҳокимлиги матбуот хизмати

Туманнинг 2-сонли мактабидаги нострификация жараёнига давлат хизматлари маркази орқали ариза билан мурожаат этган сўхликлар белгиланган мутахассислик бўйича тест синовларини топширган. Улар 69 нафар хорижий давлатларда таҳсил олган Сўх туманидаги фуқаролар ҳисобланади. Қайд этилишича, синовлардан муваффақиятли ўтган мутахассислар меҳнат фаолиятини бошлашлари мумкин бўлади.

Фото: Сўх тумани ҳокимлиги матбуот хизмати

«Мутахассислик фанлари бўйича синовлар анча соддалаштирилган бўлиб, талабгорлар бир босқичли тизим, яъни фақат тест синовлари орқали имтиҳон топширишади. Тест жараёнлари онлайн тарзда бўлиб, имтиҳонларни топшириб бўлган заҳоти компьютер экранларида тест натижалари эълон қилинади.

55 фоиз ва ундан юқори натижага эришган талабгорлар синовлардан муваффақиятли ўтган ҳисобланади ва уларга белгиланган тартибда тан олиш тўғрисидаги гувоҳнома расмийлаштириб берилади. Агар талабгор мутахассислик фанлари бўйича етарли баллни тўплай олмаса, у ҳолда яна давлат хизматлари маркази ёки ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали ариза билан мурожаат қилади ва навбатдаги синов имтиҳонларига кириш имкониятини қўлга киритади.

Сўх тумани фуқароларига кўмаклашиш мақсадида доимий равишда мана шундай сайёр имтиҳонлар ҳудуднинг ўзида ташкиллаштирилади», — дейди Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бўлим бошлиғи Низомжон Ишанкулов.

Фото: Сўх тумани ҳокимлиги матбуот хизмати

Аввалроқ Ўзбекистонда хорижий диплом нострификацияси учун тест синовлари қачон ўтказилиши, Ўзбекистонда илк марта хусусий нотариал фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи малака имтиҳони ўтказилаётгани маълум қилингани ҳақида хабар қилинганди.