Тўрақўрғонда танишининг машинасини сотиб, пулларни ишлатиб юборган шахс ушланди

Наманган вилояти Тўрақўрғон туманида танишининг «ВAЗ-2106» русумли автомашинасини саккиз миллионга сотиб юбориб, пулларни эҳтиёжларига ишлатиб юборган шахс ушланди. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар қилди.

Хабарга кўра, 15 июнь куни Тўрақўрғон туманида яшовчи фуқаро ИИВнинг ишонч телефонига мурожаат қилиб, бу ҳақда маълум қилган. Мурожатига кўра, февраль ойида Тўрақўрғон туманида яшовчи шахс унинг «ВAЗ-2106» русумли автомашинасини сотиб беришини айтиб, машинани олиб кетган.

Маълум бўлишича, мазкур шахс автомашинани Наманган шаҳрида яшовчи фуқарога саккиз миллион сўмга сотиб юбориб, ушбу пулларни шахсий эҳтиёжлари учун ишлатиб юборган.

Қайд этилишча, ҳозирда ушбу ҳолат бўйича туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилиб, 26 сентябрь куни Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Маълумот ўрнида, юқорида кўрсатилган жиноятни содир этган шахс уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.

Аввалроқ Олтиариқда танишининг пластик картасидаги салкам 2,5 миллион сўм пулларни ечиб олган шахс ушлангани, Ўзбекистон туманида фуқародан салкам 18 миллион сўмлик темир ҳавозаларини олиб, бошқа кишига сотиб юборган вояга етмаган шахсга чора кўрилгани ҳақида хабар қилинганди.

Янгиликлар