Олтиариқда танишининг пластик картасидаги салкам 2,5 млн сўм пулларни ечиб олган шахс ушланди

Фарғона вилояти Олтиариқ туманида танишининг банк пластик картасидан жами 2 493 866 сўм пулларни ўғирлаган шахс қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Таъкидланишича, Олтиариқ туманида 18 май куни фуқаро Ю.Х. таниши М.Ш.нинг ишончига кириб, банк пластик картаси ҳисобидан кредит тўловини тўлаб беришни баҳона қилиб паролини билиб олган. Шундан сўнг банк электрон мобил иловаси орқали танишининг пластик картасида бўлган маблағдан 2 493 866 сўмни бошқа пластик картага ўтказиб, ўз эҳтиёжларига сарфлаб юборган.

Мазкур ҳолат юзасидан Олтиариқ тумани Ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 2-қисми «в» банди (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Маълумот ўрнида, Жиноят кодексининг 168-моддаси 2-қисми «в» банди (фирибгарлик) жиноятни содир этган шахс беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.

Aввалроқ Тошлоқда машина ичидан фуқаронининг 400 долларини ўғирлаган шахслар қўлга олингани хабар берилганди.

Янгиликлар