Учқўрғонда иккита маҳаллага темир-бетон таянчлар олиб келинди
Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззақовнинг топшириғи билан Учқўрғондаги иккита маҳаллага темир-бетон таянч олиб келинди. Бу ҳақда «Наманган ҲЭТК» АЖ матбуот хизмати хабар берди.
Маълум бўлишича, вилоят ҳокими Учқўрғон туманидаги «Қўрғонча» ҳамда «Ёғду» маҳаллалари билан танишиш давомида у ерда аҳоли асосан электр устунларининг яроқсизлиги, йўллар ҳолати ва ичимлик суви қувурлари тортилмаганлигидан азият чекиши бўйича фуқаролар билан суҳбатлашган. Вилоят раҳбари барча эски электр устунларини янгилаш, йўлларга асфальт ётқизиш, сув тармоғи тортиб келиш ҳамда мобил алоқа сифатини яхшилаш бўйича кўрсатма берган.
Ҳокимнинг топшириғини бажариш мақсадида «Наманган ҲЭТК» АЖ томонидан шу куннинг ўзидаёқ, икки маҳалла ҳудудига темир-бетон таянчлар олиб келиниб туширилган. Хабарда тез кунларда бурғулаш ҳамда таянчларни ўрнатиш ишлари амалга оширилиши айтилган.
Аввалроқ Наманганда 60-халқаро «Гуллар байрами» фестивали 2021 йилда ўтказилиши, Шавкат Абдураззоқов Наманган шаҳрининг Марғилон кўчасидаги уйлар бузилмаслигини маълум қилгани, Наманган шаҳрида 40 миллион долларга 300 ўринли диагностика ва бир қанча объектлар қурилиши хабар қилинган эди.