Фарғонага Қирғизистондан 900 млн сўмлик товарларни ноқонуний олиб кираётган ҳайдовчи ушланди (фото)
Фарғона вилояти божхона бошқармаси Коррупцияга қарши курашиш ва ўз хавфсизлик бўлими ва Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилди. Бу ҳақда Фарғона вилояти божхона бошқармаси ахборот хизмати «Tez News»га хабар берди.
Хабарга кўра, тадбирда олдиндан кузатувга олинган, Қирғизистонда фаолият юритаётган корхона номидан Фарғона вилоятидаги жамият номига кўмир маҳсулотларини ташиш билан шуғулланувчи фуқаро Ф.Ж. ноқонуний ҳаракат қилаётган вақтда қўлга тушган. Унинг бошқарувидаги «Мерседес Бенц Актрос» юк автотранспорти юк кузатув ҳужжатларида кўмир товарларини «Ўзбекистон» чегара божхона постидан «Водий» ташқи иқтисодий фаолият божхона постига импорт қилиши кўрсатилган. Кузатув давомида фуқаро Ф.Ж. ўзи бошқарувидаги юк автотранспорт воситасини белгиланган божхона пости жойлашган Фарғона шаҳри томон эмас, балки Қува тумани томон ҳаракатланаётган вақтида тадбир иштирокчилари томонидан тўхтатилиб, манзил божхона постига олиб келиниб божхона кўригидан ўтказилган.
Натижада ҳужжатларда кўрсатилганидек 25 тонна кўмир товарларининг ўрнига, кўмирлар остига жойланган қиймати 900 миллион сўмлик 67 турдаги товар-моддий бойликлари борлиги аниқланган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Аввалроқ Андижонда Ўзбекистонда ноқонуний олиб қолинаётган 10 миллиард сўмлик товарлар аниқлангани, Бухорога 139 дона кучли таъсир қилувчи дорини Тошкентдан олиб келаётган эркак қўлга олингани хабар қилинган эди.