Андижонда Ўзбекистонда ноқонуний олиб қолинаётган 10 млрд сўмлик товарлар аниқланди (фото)

Андижон вилоятида Давлат божхона қўмитасининг Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бошқармаси Андижон ва Тошкент вилоятлари божхона бошқармалари билан ҳамкорликда товар-моддий бойликларни божхона назоратидан яширин равишда олиб кирилаётган транзит операцияси фош қилинди. Бу ҳақда вилоят божхона бошқармаси матбуот хизмати «Tez News»га хабар берди.

Фото: Андижон вилоят божхона бошқармаси ахборот хизмати

Андижон вилояти божхона бошқармасининг «Дўстлик» чегара божхона пости орқали қўшни давлатга чиқиб кетиш учун тун ярмида келган 2 та юк машинаси белгиланган тартибда кўздан кечирилган. Маълум қилинишича, юк машиналарида олиб чиқилаётган товарлар билан ҳайдовчиларнинг божхонага тақдим қилинган ҳужжатларида кўрсатилган товарлар ўртасида фарқлар аниқланган. Ҳужжатларга кўра, машиналарнинг бирида 11 турдаги, иккинчисида эса 14 турдаги товарлар бўлиши керак бўлган.

Аммо, божхона кўриги давомида автотранспортларга божхона қиймати нисбатан паст бўлган пўкак, елим, қурувчилар учун махсус кийим ва қўлқоплар, резина этик ва болғалар ортилган бўлиб, машиналар шунчаки бўш тарзда чиқиб кетмаслиги учун ушбу товарлар билан номигагина тўлдирилган.

«Хўш, ростдан ҳам мазкур автотранспорт воситалари республикамизга қиймати 48 миллион 771 минг сўмлик товарлар билан кириб келганмиди деган савол туғилади. Ахир бу товарларни минглаб чақирим йўл босиб, тан нархидан ҳам бир неча баробарга ошиб кетадиган йўл ҳаражатларига қарамай хориждан келтиришга ҳожат бормиди?» дейилади хабарда.

Фото: Андижон вилояти божхона бошқармаси ахборот хизмати

Қайд этилишича, мазкур автотранспорт воситалари 16 октябрь куни Қорақалпоғистондаги «Доут ота» чегара-божхона пости орқали Ўзбекистонга кириб келган. Кириб келишда божхона органларига тақдим қилинган ҳужжатлар билан инспекцион кўрик мажмуаси орқали олинган тасвирларда божхона ходимларини шубҳалантирган жиҳатлар кўзга ташланмаган. Натижада, юк автотранспорт воситалари транзит тарзида чиқиб кетиши учун Андижон вилоятидаги «Дўстлик» чегара божхона постига йўналтирилган.

«Демак, ҳужжатларда кўрсатилган товарлар аслида ушбу автотранспорт воситаларида ҳақиқатдан ҳам бўлган. Аммо республикамизга кириб келишда ва чиқиб кетишда инспекцион кўрик мажмуаси орқали олинган тасвирларнинг бир-биридан фарқли эканлигини кўриб ҳақли савол туғилади: Ҳужжатларда кўрсатилган товарлар қаерда?» дейилади хабарда.

Аниқланишича, юк автотранспорт воситаларига ортилган товарлар Тошкент вилояти, Зангиота туманида жойлашган омборлардан бирига тушириб қолдирилган. Мазкур омборни белгиланган тартибда кўздан кечириш давомида шу ерда бўлиб турган чет эллик фуқаро ушбу юклар ўзига тегишли эканлигини маълум қилди. Аммо уларнинг божхона расмийлаштирувини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим қила олмаган.

Мазкур юк автотранспорт воситалари тиркамаларининг эшиклари очилмаган ва мавжуд пломблалар бузилмаган. Шунга қарамай, уларнинг ичидаги юкларни алмаштириш учун тиркамалар бошқа томонидан туриб, ўзбошимчалик билан очилган.

Фото: Андижон вилояти божхона бошқармаси ахборот хизмати

Божхона ходимлари Ўзбекистон ҳудудидан транзит тарзида олиб ўтилиши лозим бўлган 24 турдаги 9113 дона товарнинг ички ҳудудда тушириб қолдирилганини фош қилган. Мазкур товарларнинг умумий қиймати эса 6 миллиард 502 миллион сўмни ташкил қилмоқда. Тадбир давомида ҳуқуқбузарлардан жами қиймати 9 миллиард 850 миллион сўмдан ортиқ қийматдаги товарлар ва транспорт воситалари вақтинча сақловга олинган.

Аввалроқ Наманганда 300 млн сўмлик юк машинасини Ўзбекистонга ноқонуний олиб кирмоқчи бўлган, Фарғонада эса салкам 38 млн сўмлик тиббий восита ва техникаларни Ўзбекистонга яширинча олиб кирмоқчи бўлган эркак ушланганди. Шунингдек, Олтиариқда 60,5 миллион сўмлик тамакини Ўзбекистонга яширинча олиб кирган эркак аниқланганди.

Янгиликлар