Тошкентда фуқаро «тўлов тизими оператори»га ишониб, 250 миллион сўмсиз қолди

Тошкент шаҳрида яшовчи 38 ёшли Г.О. банк картасидан жами 250 000 000 сўм миқдоридаги пул маблағлари номаълум шахс томонидан фирибгарлик йўли билан ўзлаштирилганлигини маълум қилиб, ИИОга мурожаат қилган.

Мазкур жиноятни Тошкент шаҳар Яшнобод туманида яшовчи 26 ёшли Н.Г., Андижон вилояти, Жалақудуқ туманида яшовчи 18 ёшли Т.Х. ҳамда Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманида яшовчи 26 ёшли И.М.лар содир этганлиги аниқланган.

Унга кўра, Н.Г. жабрланувчи Г.О.нинг қўл телефонига қўнғироқ қилиб ўзини «Click» оператори сифатида таништирган ва SMS хабарнома юбориш орқали бошқарув ҳуқуқини қўлга киритиб, жами 250 000 000 сўм миқдоридаги пулларни ўтказиб олган ва ушбу пулларни ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборган.

Мазкур ҳолат юзасидан ЖКнинг 169-моддаси (ўғрилик) 4-қисми банди билан жиноят иши қўзғатилиб, Н.Г.,Т.Х. ва И.М.ларнинг содир этилиб, фош этилмай қолган бошқа шу турдаги жиноятларга алоқадорлигини текшириш мақсадида тергов, тезкор-қидирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Мазкур шахсларга Жиноят кодексининг 169-моддаси 4-қисми бандидаги жиноий хатти-ҳаракатлар учун 8 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган.