Ўзбекистонда талабаларга таълим кредити бериш тартиби ўзгартирилади

Ўзбекистонда тижорат банклари томонидан берилган таълим кредитлари келгусида талабаларга бозор ставкаларида белгиланади. Бу Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қарори лойиҳасига киритилган.

Фото: «Tez News»

Лойиҳага биноан, Олий ўқув юртларида тўлов-контракт асосида ўқиш учун таълим кредитлари бериш тўғрисидаги низомга ўзгартириш киритиш режалаштирилмоқда. Шунингдек, низомнинг 5-банди учинчи хатбошиси ўзгартирилади.

Низомнинг амалдаги таҳририга мувофиқ тижорат банклари томонидан берилган таълим кредитлари бўйича чин етимларга, «Меҳрибонлик уйлари»да тарбияланганларга ҳамда болаликдан I ва II гуруҳ ногиронларига фоизсиз кредит берилади.

Бундан ташқари, талабаларнинг қолган тоифаларига — 2020 йил 1 январдан бошлаб фоиз харажатларининг бир қисмини «Ёшлар – келажагимиз» жамғармаси маблағлари ҳисобидан компенсация қилиш механизмидан фойдаланиш имконияти билан бозор ставкалари белгиланади.

Лойиҳага асосан, келгусида фоиз харажатларининг бир қисмини «Ёшлар — келажагимиз» жамғармаси маблағлари ҳисобидан компенсация қилиш механизми бекор қилиниши мумкин. Яъни Ҳукумат қарори лойиҳаси билан, тижорат банклари томонидан берилган таълим кредитлари келгусида талабаларга бозор ставкаларида белгиланади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия ОТМларида ўзбекистонлик талабалар учун квоталар кўпайтирилиши ҳамда Ўзбекистонда талаба ва ўқувчиларга поезд чипталари учун 50 фоиз чегирма берилиши ҳақда хабар қилинган эди.