Ўзбекистонда 2021 йилдан талабаларга Президент гранти берилади

Ўзбекистонда 2021 йилдан энг юқори балл билан ўқишга кирган 200 нафар талабага махсус Президент гранти берилади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ёшлари форумидаги нутқи давомида маълум қилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Қайд этилишича, 2021 йилда 100 дан зиёд шаҳар ва туманларда ахборот технологияларини чуқур ўргатадиган замонавий ўқув марказлари ташкил қилинади. Ёшларга халқаро IT сертификатларини олиш харажатларининг 50 фоизгача бўлган қисми қоплаб берилади. Яқин икки йилда «Бир миллион дастурчи» лойиҳаси доирасида 300 минг нафар ёшлар компютер дастурлаш асосларига бепул ўқитилади.

«Ўрни келганда, сизларга яна бир муҳим янгиликни айтиб ўтмоқчиман. Кейинги йилдан олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларида энг юқори балл тўплаган 200 нафар ёш учун Президент гранти жорий этилади. Aгар мавжуд Президент стипендияси фақат бир ўқув йили учун мўлжалланган бўлса, ушбу грант маблағлари тўрт йил давомида тўлаб борилади.

Шунингдек, келгуси ўқув йилидан бошлаб республикамиздаги хорижий олий ўқув юртларининг бакалавриат босқичи талабалари учун ҳам Президент ва давлат стипендиялари жорий этилади.

Чунки бундай таълим масканларида ўқиётган ёшлар ҳам ўзимизнинг фарзандларимиз. Улар эртага юртимиз тараққиёти учун хизмат қилади. Шундай экан, уларга ғамхўрлик қилиб, истеъдодини рағбатлантирсак, ўйлайманки, адолатдан бўлади.

Илм йўлини танлаган иқтидорли ёшларимизни қўллаб-қувватлаш мақсадида кейинги йилдан бошлаб магистратура ва докторантура босқичлари учун Президент стипендияси квотасини икки баробарга оширамиз. Ишончим комилки, бундай имконият ва имтиёзларга аввало янги Ренессанс пойдеворининг бунёдкорлари сазовор бўлади», — дея таъкидлаган давлат раҳбари.

Aввалроқ Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ёшлари форумида иштирок этиши ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Ўзбекистонда ёшларнинг тадбиркорлик лойиҳалари учун ҳар бир вилоятга қанча кредит маблағлари ажратилиши маълум қилинган.