Бухоро вилояти ҳокими Фарҳод Умаров афв этилганлар билан учрашди

Бухоро вилояти ҳокими вазифасини вақтинча бажарувчи Фарҳод Умаров ва ҳудуд секторлари раҳбарлари 29 август, шанба куни муддатидан аввал афв этилган фуқаролар билан учрашди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Бухоро вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Афв этилганлар билан суҳбат асносида вилоят раҳбари уларнинг ижтимоий-тиббий реаблитацияси, соғлом турмуш тарзига қайтариш масалалари бўйича вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари, соғлиқни сақлаш, бандлик бошқармалари ва бошқа мутасадди ташкилотлар раҳбарлари, маҳаллий ҳокимликларга ўз тавсия ва топшириқларини берди.

Фото: Бухоро вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

«Туппа-тузук қурилиш бригадасида ишлаб, оилам бағрида ҳеч нимага зориқмасдан яшаб келаётгандим. Кўпроқ ишлаб пул топиш мақсадида 2013 йилда Россия давлатига бориб, билиб-билмай диний-экстремистик оқимга қўшилиб қолдим. Шундан сўнг Жиноят ишлари бўйича Бухоро вилоят суди томонидан 2014 йил ноябрида Жиноят кодексининг 155 ва 244-моддаларига мувофиқ 6 йилга, 2017 йилда 244-модда билан 7 йил-у 1 ойга озодликдан маҳрум қилиндим.

Иккинчи бора менга тайинланган жазо муддатининг ярмини ўтаб улгурмай озодликка чиқарилганим менга ва оиламга халқимиз ҳамда Президентимиз томонидан кўрсатилган беқиёс меҳр-мурувват деб биламан. Албатта, бу ишончни ҳалол меҳнатим билан оқлайман», — дейди Ромитан тумани Хоса қишлоғида яшовчи Туроб Ражабов.

Фото: Бухоро вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Туроб Ражабовнинг қишлоқда фарзандлари парваришлаётган қорамоли 8 бошга етган. Унинг чорвачиликни ривожлантириш ҳақидаги мурожаати учрашувда муҳокама қилиниб, «Микрокредитбанк»нинг туман филиали Туроб Ражабовнинг 30 миллион сўм кредит сўраб тақдим этган ҳужжатларини қабул қилди.

Аввалроқ Ўзбекистонда Мустақиллик куни муносабати билан 113 нафар маҳкум афв этилгани хабар қилинган эди. 

Янгиликлар