Олтиариқда салкам 21 млн сўмлик қорамолларни алдов йўли билан қўлга киритган шахс ушланди

Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманида умумий қиймати 20 900 000 сўм бўлган 3 бош қорамолни алдов йўли билан қўлга киритган шахс қўлга олинди. Бу ҳақида Фарғона вилояти ИИБ ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, 2020 йилнинг июнь ойида М.Х. таниши Т.Х.нинг ишончига кириб, умумий қиймати 20 900 000 сўмлик 3 бош қорамолни сотиб олишга келишиб, 1 000 000 сўм бериб, қолган пулларни ўн кун муддатда беришини айтган.

М.Х. қорамолларни олгач, ваъдасини бажармасдан алдов йўли билан олинган қорамолларни бошқа шахсга сотиб, пулларни ўз эҳтиёжларига ишлатиб юборган.

Мазкур ҳолат юзасидан Олтираиқ тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 1-қисми (Фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани маълум қилинди.

Маълумот учун, юқоридаги жиноятни содир этган шахс 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тўрақўрғонда танишининг машинасини сотиб, пулларни ишлатиб юборган шахс, Олтиариқда эса танишининг пластик картасидаги салкам 2,5 миллион сўм пулларни ечиб олган шахс ушлангани хабар қилинганди.

Янгиликлар