Ўзбекистонда 1 октябрдан синф раҳбарлари учун қўшимча тўлов миқдори 1,5 бараварга оширилади

Ўзбекистонда 2020 йил 1 октябрдан бошлаб 242 минг синф раҳбарлари учун қўшимча тўлов миқдори 1,5 бараварга оширилади. Мазкур мақсадлар учун йиллик 400 миллиард сўмдан зиёд қўшимча маблағ йўналтирилади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев 1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган тадбирда маълум қилди.

«Ҳаммамиз мактаб давримизни эслаганимизда кўз олдимизга, аввало, талабчан ва меҳрибон синф раҳбаримиз келади. Нима учун? Чунки мактабдаги ҳар бир қадамимиз мана шу олийжаноб инсонларнинг доимий эътибори ва ғамхўрлигида бўлган. Ҳаётга илк йўлланмани ҳам бизга мана шу устозларимиз берган. Шу сабабли биз синф раҳбарининг машаққатли ва маъсулиятли меҳнатини муносиб рағбатлантириш чораларини қўряпмиз. Хусусан, 2020 йил 1 октябрдан бошлаб 242 000 нафар синф раҳбарлари учун қўшимча тўлов миқдори 1,5 бараварга оширилади. Мазкур мақсадлар учун йиллик 400 миллиард сўмдан зиёд қўшимча маблағ йўналтирилади», — дейди Президент.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев 1 октябрга бағишланган тадбирда ўқитувчи ва мураббийларга табрик йўллагани, Ўқитувчи ва мураббийлар байрами муносабати билан ўқитувчи ва зиёлиларга мурожаат йўллагани, байрам муносабати билан қатор жадидлар «Буюк хизматлари учун» ордени билан тақдирлангани ҳақида хабар берилган эди.

Янгиликлар