Шавкат Мирзиёев 1 октябрга бағишланган тадбирда ўқитувчи ва мураббийларга табрик йўллади

Шавкат Мирзиёев 1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган тадбирда мамлакатдаги барча ўқитувчи ва мураббийларга табрик йўллади. Бу ҳақда ЎзA хабар қилди.

Фото: ЎзA

Хабарга кўра, айни дақиқаларда Халқаро конгресс марказида 1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтмоқда. Маросимда Шавкат Мирзиёев иштирок этмоқда. Маълум қилинишича, унда Президент сўзга чиқиб, мамлакатдаги барча ўқитувчи ва мураббийларга табрик йўллаган.

«Табрикда миллионлаб фарзандларимиз қалбига илм-фан зиёсини сингдириб, уларни эл-юртга муносиб инсонлар қилиб тарбиялаётган заҳматкаш ва олийжаноб устозларимизга чин дилдан миннатдорлик билдирилди. Жамиятимизда устозларга бўлган ҳурмат, уларнинг обрў-эътибори ва нуфузини ошириш борасидаги ишларнинг пировард мақсади, юртимизда илм-фан, таълим-тарбия соҳаларини ривожлантириш, тараққиётимиз учун зарур интеллектуал авлодни тарбиялашга қаратилгани алоҳида таъкидланди»,  дейилади хабарда.

Фото: ЎзA

Қайд этилишича, тадбир видеоалоқа шаклида ташкил этилган бўлиб, унда республиканинг барча ҳудудларидан ўқитувчи ва мураббийлар, зиёлилар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этмоқда.

Фото: ЎзA

Аввалроқ Шерзод Шерматов Нарпай ва Ургут туманларидаги мактабларнинг янги ўқув йилига тайёргарлигини текширгани, Булунғурдаги мактабларнинг янги ўқув йилига тайёргарлик ҳолатини танқид қилгани ҳақида хабар қилинганди.

Янгиликлар