Шофиркондаги 1370 та оила «темир дафтар»дан чиқарилди

Бухоро вилояти Шофиркон туманида туман депутатлар кенгашинининг 15-сессияси бўлиб ўтди. Унда 1370 та оиланинг турмуш шароити яхшиланаётганлиги туфайли «темир дафтар»дан чиқарилгани ҳақида айтилди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Шофиркон туман ҳокимлиги ахборот хизмати

Таъкидланишича, 29 cентябрь куни халқ депутатлари туман кенгашининг ўн бешинчи сессияси бўлиб ўтди. Кенгаш раиси, туман ҳокими Шукурулла Ҳакимов раислигида бўлиб ўтган мазкур сессия ишига Кенгаш депутатлари, тумандаги секторлар раҳбарлари, туман ҳокими ўринбосарлари, ҳокимликнинг бўлим ва бўлинмалари бошлиқлари, корхона-ташкилот раҳбарлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари ҳамда жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакиллари таклиф этилган.

Фото: Шофиркон туман ҳокимлиги ахборот хизмати

Сессия иштирокчилари эътиборига дастлаб туманда бандлиги таъминланган ва яшаш шароити яхшиланган, даромад манбаига эга бўлган оилаларни камбағаллик рўйхатидан чиқариш тўғрисидаги туман ҳокимининг иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бўйича биринчи ўринбосарининг ҳисоботи ҳавола этилди.

«Бугунги сессия қарори билан 1370 та оиланинг доимий даромад манбаига эга бўлганлиги ва уларнинг турмуш шароити яхшиланаётганлиги туфайли «темир дафтар»дан чиқарилди. Бироқ бу билан иш тўхтаб қолмайди. Aҳолининг ижтимоий шароитини яхшилаш борасидаги ишлар тизимли равишда давом эттирилади», — дейди туман ҳокимининг биринчи ўринбосари.

Фото: Шофиркон туман ҳокимлиги ахборот хизмати

Депутатлар, шунингдек, сессия кун тартибига киритилган, туман ҳокими томонидан қабул қилинган бир қатор қарорларини тасдиқлаш борасидаги навбатдаги масалани ҳам кўриб чиқди. Сессия ваколат доирасига кирадиган бошқа масалаларни ҳам муҳокама қилиб тегишли қарорлар қабул қилди.

Aввалроқ Олот туманида камбағалликни қисқартириш бўйича 155 та лойиҳа амалга оширилгани ҳақида хабар берилганди.