Самарқанд вилоят бандлик бош бошқармасига раҳбар тайинланди

Исроил Исмоилович Жабборов 30 октябрь куни Самарқанд вилояти бандлик бош бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати «Tez News»га хабар берди.

Фото: Ургут туман ҳокимлиги ахборот хизмати

Исроил Исмоилович Жабборов 1982 йил Самарқанд вилояти Ургут туманида туғилган. 2004 йилда Самарқанд давлат университетини тамомлаган.

Меҳнат фаолиятини тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Самарқанд вилоят кенгаши ахборот-тарғибот бўлими консультанти сифатида бошлаган. Шунингдек, 2005—2006 йилларда Самарқанд қурилиш ва миллий ҳунармандчилик коллежи ўқитувчиси, 2006—2012 йилларда Самарқанд вилояти ҳокимининг иқтисодиёт ва ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари котибияти референти, 2012—2017 йилларда Самарқанд вилояти ҳокимининг жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича ўринбосари котибияти мудири бўлиб фаолият юритган.

Тайинловга қадар Исроил Жабборов Ургут тумани ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари лавозимида фаолият юритган.

Ургут тумани ҳокимлиги матбуот хизмати «Tez News»га маълум қилишича, туман ҳокимининг 30 октябрдаги қарорига кўра, Хайдаров Жавлон Ҳайруллоевич туман ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари лавозимига тайинланган.

Фото: Ургут туман ҳокимлиги ахборот хизмати

Қайд этилишича, Жавлон Ҳайдаров ушбу тайинловга Ургут тумани ҳокимининг ташкилий-назорат гуруҳи раҳбари лавозимида ишлаган.

Аввалроқ Самарқанд туман ҳокимига янги ўринбосар тайинлангани ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, Каттақўрғон туманига янги прокурор ҳамда Самарқанд вилоятига янги бош архитектор ва Каттақўрғон туманига ҳоким вазифасини вақтинчалик бажарувчи тайинлангани маълум қилинганди.

Янгиликлар