«Дунё бизга миннатдорчилик билдириши керак». Исроил эронлик ядрошунос олимга уюштирган суиқасдни ўз бўйнига олди

«New York Times» нашрига интервью берган исроиллик юқори мартабали мутасаддилардан бири эронлик ядрошунос олим Муҳсин Фахризоданинг суиқасдини Исроил уюштирганини тан олди.

Фото: «Reuters»

Айтилишича, исми ошкор этилмаган бу мутасадди бир неча йиллардан бери Фахризодани кузатиб келган. «Исроил Эроннинг ядровий дастурига қаршилик кўрсатишни давом эттиради. Эроннинг асосий ядрошунос олимини ўлдирганимиз учун дунё бизга миннатдорчилик билдириши керак», — деган у.

Олимни кузатишда кўп йиллар давомида қатнашган Исроил расмийси мамлакат Эроннинг ядровий дастурига қарши «керак бўлганда» ҳаракат қилишни давом эттиришини таъкидлаган.

Муҳсин Фахризодага қилинган суиқасддан кейин Теҳрон Исроилни айблаган, бироқ Исроил томони бу айбловни на расман тан олган, на инкор қилган эди.

Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяҳу 2018 йилнинг апрелида Эроннинг ядровий дастурига оид маълумотларни оммага эълон қилган ва Муҳсин Фахризода «Амад» номли лойиҳага бошчилик қилаётганини айтиб, «Бу исмни унутманглар», — деган эди.

Аввалроқ Эрон президенти Ҳасан Руҳоний ядрошунос олим ўлдириб кетилганидан кейин хавфсизлик чораларини кучайтириш ҳақида буйруқ бергани маълум қилинганди.