Эрон президенти ядрошунос олим ўлдириб кетилганидан кейин хавфсизлик чораларини кучайтириш ҳақида буйруқ берди

Эрон президенти Ҳасан Руҳоний ядрошунос олим Муҳсин Фахризода ўлдириб кетилганидан кейин бу каби ҳолатлар қайта содир бўлишининг олдини олиш юзасидан Вазирлар Кенгашининг навбатдан ташқари йиғилишида фармойиш имзолади.

Фото: «President.ir»

Маълумотларга кўра, Ҳасан Руҳоний «қўрқоқларча қилинган қотиллик»дан хафа эканини билдириб, олимнинг мазлумларча ҳалок бўлганини таъкидлаган. У бу каби салбий ҳолатлар такрорланишининг олдини олиш бўйича топшириқ берган. Президент фармойишида душманларнинг хатти-ҳаракатларига қарши курашиш юзасидан буйруқ берилган.

Эслатиб ўтамиз, Физик олим Муҳсин Фахризода 27 ноябр куни ўлдириб кетилган. Теҳрондан 40 километр узоқликдаги Абсар шаҳри ҳудудида номаълум шахслар Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги илмий-тадқиқот маркази етакчи олими бўлган машинага қарата ўқ узган. Ҳасан Руҳоний мазкур жиноят ортида Исроил ҳукумати турганини тахмин қилган. Эронда олим Муҳсин Фахризоданинг ўлими муносабати билан 40 кунлик мотам эълон қилинган.

Шундан сўнг Эроннинг БМТдаги доимий вакили Мажид Тахт-Раванчи Эрон ядро физигининг ўлдирилиши муносабати билан АҚШ ва Исроилни огоҳлантирган. Туркия эронлик олим ўлдирилганидан кейин минтақада тинчликни бузмасликка чақирган. Аммо Эрон Олий раҳбари маслаҳатчиси Ҳусайн Деҳқон мамлакат ядро дастури муаллифларидан бири бўлган юқори мартабали олим Муҳсин Фахризодага уюштирилган суиқасд учун жавоб қайтаришни ваъда қилган.

Янгиликлар