Шавкат Мирзиёев Россия президенти билан декабрь ойида ўтказиладиган МДҲ саммитига тайёргарлик масаласини муҳокама қилди

Шавкат Мирзиёев 30 ноябрь куни Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Маълумотларга кўра, суҳбат давомида икки мамлакат ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилган. 2020 йилнинг декабрь ойида видеоанжуман шаклида ўтказилиши режалаштирилган МДҲ саммитига тайёргарлик кўриш масаласига алоҳида эътибор қаратилган.

Коронавирус пандемиясининг тарқалиши оқибатида келиб чиққан глобал инқироз шароитида икки томонлама савдо-иқтисодий алоқалар барқарор суръат билан ривожланиб бораётгани қайд этилган. Хусусан, ўзаро ташрифлар фаол амалга оширилмоқда, Ҳукуматлараро қўшма комиссия ва бошқа ҳамкорлик механизмлари унумли ишламоқда. Ўзаро савдо ҳажмлари ортиб, иқтисодиётнинг турли тармоқларида саноат кооперацияси бўйича устувор лойиҳалар ҳамда гуманитар алмашинув дастурлари давом эттирилмоқда.

Президентлар халқаро аҳамиятга молик масалалар юзасидан ҳам фикр алмашди, бўлажак олий даражадаги тадбирлар режасини муҳокама қилди.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Тожикистон президенти билан минтақавий ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилган эди. Шунингдек, Шавкат Мирзиёев Владимир Путинни туғилган куни билан табриклади.

Янгиликлар