Янгийўлда пиротехника воситаларини қўлбола усулда ясаётган йигит ушланди — фото

Тошкент вилояти, Янгийўл тумани, пиротехника воситаларини қўлбола усулда ясаётган йигит ушланди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бош бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Ички ишлар бош бошқармаси ахборот хизмати

Маълум қилинишича, Маданият маҳалласида яшовчи 25 ёшли М.Б. ўзининг уйида, кучли портловчи пиротехника воситаларини қўлбола усулда тайёрлаётгани аниқланган. Ҳолат юзасидан ўтказилган тезкор тадбирда унинг хонадонидан 100 дан ортиқ елим (сантехника) қувур бўлаклари ва бир нечта идишда ушбу воситани ясаш учун ишлатиладиган кимёвий моддалар, дазмол ва бошқа буюмлар далилий ашё сифатида олинган.

Фото: Ички ишлар бош бошқармаси ахборот хизмати

Суриштирув давомида фуқаро М.Б. ушбу пиротехника воситаларни тайёрлашда фойдаланган моддасини Бектемир тумани Янгиобод бозоридан, ўзига нотаниш бўлган шахсдан 130 минг сўм эвазига сотиб олганлиги, сўнг унга ўзининг томорқасида фойдаланиш учун сақлаётган амияк селитраси ва бир неча бошқа моддаларни қўшиб тайёрлагани аниқланган. Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан қўшимча суруштирув ишлари олиб борилмоқда.

Фото: Ички ишлар бош бошқармаси ахборот хизмати

Аввалроқ Тошкент вилоятида пиротехника портлашидан жароҳат олган 18 ёшли йигитнинг қўли операция қилингани ҳақида хабар берилган. Унга чап қўл панжа соҳасида катта ҳажмли эзилиб, йиртилган жароҳати, тўртинчи ва бешинчи бармоқлар жароҳати ва тирноқ фалангасининг травматик узилиши ташхиси қўйилган эди. Шунингдек, Тошкент вилоятида қўлбола пиротехника воситасини тайёрлаётган ўсмирлар чақнаш оқибатида жароҳатлангани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар