Жиззахда олтин қазиб олмоқчи бўлган фуқароларни тупроқ босиб қолди

Тўрт нафар фуқаро Жиззах ҳудудидаги тоғдан ноқонуний равишда олтинли рудани қазиб олиш ишларини олиб борган бўлиб, уларнинг икки нафари вафот этган. Бу ҳақда «Марказий студия» информацион дастурида хабар берилди.

kun.uz

Маълум бўлишича, 26 январ куни тўрт нафар фуқаро Жиззах вилояти Ғаллаорол тумани Булоқбоши қишлоғида жойлашган тоғ ичкарисига 15 метр қазиб кириб, олтинли рудани қазиб олмоқчи бўлган.

Aммо қазиб олаётганда уларни тош ва тупроқ массаси босиб қолган.

Натижада, 20 ва 27 ёшли йигитлар воқеа жойида вафот этган.

Бундан ташқари, уларнинг яна икки нафари оғир жароҳатлар билан туман тиббиёт бўлимининг жонлантириш бўлимига ётқизилган.

«Мазкур ҳодиса оқибатида ҳалок бўлган фуқароларнинг жасадлари ер остидан 12 метр чуқурликда топилди. Бу дегани, ер юзасига перпендикуляр емас, балки уч метр чуқурликда ва ён тарафга нисбатан яна 10–12 метр масофа қазиб борилганлигидан далолат беради.

Ушбу жараён кеча ёки бугун бошланмаган, бир неча йил давомида мазкур қир-адирларда юзлаб чуқурликлар қазиб ташланган», – дейди вилоят ФВБ ахборот хизмати бошлиғи.

Шунингдек, ушбу ҳудудда олтин мавжуд бўлган руда жуда кам миқдорда учраши маълум бўлган.

Янгиликлар