Фарғонада буюм бозорлари нима сабабдан икки кун фаолият юритгани бўйича изоҳ берилди

Фарғона вилоятидаги буюм бозорлари 29—30 июль кунлари фаолият юритди. Бу ҳақда Фарғона вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Муҳаммаджон Обидов «Дарё»га маълум қилди.

Маълум бўлишича, Фарғона вилоятида коронавирусга қарши курашиш бўйича махсус комиссиянинг қарори билан икки кунга вилоятдаги барча туман ва шаҳарларда жойлашган буюм бозорларининг фаолият юритишига рухсат берилган. Фарғона вилояти ҳокимининг матбуот котиби Муҳаммаджон Обидов қандай сабабларга кўра комиссия бу қарорга келганига изоҳ берган.

«Биринчидан, Фарғонада бошқа вилоятларга нисбатан коронавирусга чалинганларнинг сони жуда камлиги. Иккинчидан, Республика махсус комиссияси қароридан ташқари вилоят комиссиясининг қўшимча қарорлари асосида карантин қоидаларига жуда ҳам қатъий риоя қилинаётганлиги. Учинчидан, бозорларнинг кириш қисмида махсус дезинфекцияловчи тунеллар ташкил қилиниб, сотувчи ва харидор орасида 1,5–2 метр ижтимоий масофани ва шу каби карантин нормаларини тўла таъминлаш бўйича чоралар жорий этилган. Тўртинчидан, Қурбон ҳайити муносабати билан аҳолининг илтимосларига кўра, вилоят комиссияси ўзининг ваколати доирасида бу қарорни қабул қилинди», — деди Обидов.

Мониторинг натижаларига кўра, Марғилон ва Қўқон шаҳарларидаги улгуржи ҳамда чакана буюм бозорларига қўшни вилоятлар — Наманган ва Андижондан ҳам харидорлар келгани кузатилган. Муҳаммаджон Обидовнинг қўшимча қилишича, барча бозорларда белгиланган карантин нормаларига риоя қилган ҳолда савдо-сотиқ қилинган.

«Бу бирданига қабул қилинган қарор эмас. Вилоятдаги карантин ҳолатини ўрганиб чиқиб, аввалдан тайёргарлик кўрган эдик. Касаллик, асосан, чет элдан келган ва улар билан мулоқотда бўлганларда чиқяпти. Уларнинг барчаси ва оила аъзолари, мулоқотда бўлганлар карантинга олинган. Фарғона вилоятида аҳоли орасидан ҳозирча касал чиққани йўқ. Агар касаллик кўпайиб кетмаса, вазият юмшай бошласа, вилоят махсус комиссияси буюм бозорлар фаолиятига рухсат бериш масаласини яна қайта кўриб чиқиши мумкин», — деди вилоят ҳокимлигининг ахборот хизмати раҳбари.

Aввалроқ Ўзбекистонда карантин тартиби узайтирилиши муносабати билан қатор фаолият турларини, хусусан, буюм бозорларини ҳам тўхтатиш бўйича чеклов 15-августга қадар узайтирилгани ҳақида хабар берилганди.

Маълумот учун, Фарғонада коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 2020 йил 30 июль ҳолатига кўра, 251 кишини ташкил этган. Шулардан 238 нафари соғайганлардир.

Янгиликлар