Тошкентда коронавирусга чалинган 67 ёшли аёл юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этди

Тошкентда коронавирусга чалинган 67 ёшли аёл ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.

Беморда 10 июль куни COVID-19 инфекцияси тасдиқланган ва шаҳар 1-сонли клиник шифохонага олиб келинган, ҳолати ёмонлиги сабабли реанимация бўлимига ётқизилган.

Унга COVID-19 инфекциясининг ўта оғир кечиши, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган. Хасталик ўткир респиратор дистресс синдроми, ўткир нафас етишмовчилиги асоратлари билан кечган. Шунингдек, бемор юрак ишемик касаллиги, стенокардия, гипертония, артериал гипертензия каби ҳамроҳ касалликлар билан ҳам оғриган.

Шифохонада беморнинг даволаниши давомида шифокорлар томонидан консультация ва консилиумлар қилинган, даволаш жараёни мутахассислар тавсияси асосида олиб борилган. Бироқ шифокорлар томонидан стандартлар асосида ўтказилган реанимацион муолажаларга қарамасдан, беморнинг аҳволи асосий касаллик ҳисобига кескин оғирлашиб, ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этган.

Аввалроқ Тошкент шаҳрида коронавирусга чалинган 55 ёшли эркак вафот этгани ҳақда хабар берилган эди.

Янгиликлар