Тошкентда коронавирусга чалинган яна бир бемор нафас етишмовчилигидан вафот этди

Коронавирусга чалинган пойтахтлик 60 ёшли бемор ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.

Бемор М.С. (аёл) 10—20 июль кунлари уй шароитида хусусий шифохона шифокорларининг тавсияларига мувофиқ даволанган. 21 июль куни эса Зангиота туманидаги юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган.

Унга COVID-19 инфекциясининг ўта оғир кечиши, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган. Хасталик ўткир респиратор дистресс синдроми, ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилиги асоратлари билан кечган. Шунингдек, юрак ишемик касаллиги, стенокардия, гипертония, артериал гипертензия каби ҳамроҳ касалликлар билан ҳам оғриган.

Шифохонада беморнинг даволаниши давомида шифокорлар томонидан консультация ва консилиумлар қилинган, даволаш жараёни мутахассислар тавсияси асосида олиб борилган. Бироқ шифокорлар томонидан стандартлар асосида ўтказилган реанимацион муолажаларга қарамасдан, беморнинг аҳволи асосий касаллик ҳисобига кескин оғирлашиб, ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этган.

Маълумот учун, Ўзбекистонда 31 июль 17:00 ҳолатига кўра, коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 23 773 (+215) нафарни ташкил этмоқда.

Янгиликлар