Ўзбекистоннинг халқаро валюта захиралари ҳажми 34 млрд долларга етгани маълум бўлди

Шавкат Мирзиёев Кўксарой қароргоҳида 31 август, душанба куни мамлакат мустақиллигининг йигирма тўққиз йиллигига бағишланган байрам тадбирида саноат соҳасида амалга оширилаётган ишларга тўхталиб ўтди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Маълум қилинишича, Ўзбекистонннинг халқаро валюта захиралари ҳажми қарийб 5,5 миллиард долларга ошиб, жами 34 миллиард АҚШ долларини ташкил этмоқда. Шунингдек, Ўзбекистонда 2020 йил биргина саноат соҳасида умумий қиймати 11 миллиард доллар бўлган лойиҳалар ишга туширилади.

«Ана шундай йирик лойиҳалар қаторида янги Тошкент металлургия заводини алоҳида қайд этиш зарур. Германия ва Италиянинг замонавий технологиялари ўрнатилган ушбу корхона экологик жиҳатдан энг тоза ва хавфсиз бўлиб, йилига 500 минг тонна металл прокати ишлаб чиқаради», — деди Шавкат Мирзиёев.

Таъкидланишича, «Навоийазот» корхонасида йилига 500 минг тонна азот кислотаси ва 100 минг тонна поливинилхлорид ишлаб чиқарадиган заводлар фойдаланишга топширилди. Йил охирига қадар бу ерда йилига 660 минг тонна аммиак ва 577 минг тонна карбамид ишлаб чиқарадиган заводлар ҳам фаолият бошлайди. Янгидан барпо этилаётган «Ўзбекистон ЖТЛ» заводида «Шўртангазкимё» комплексининг метан гази асосида йилига 1,5 миллион тонна синтетик ёқилғи олиш йўлга қўйилмоқда.

Шунингдек, Олмалиқ кон-металлургия комбинатида рангли ва қимматбаҳо металлар тайёрлашни уч баробар кўпайтиришга доир, шунингдек, нефть, кимё, электротехника, қурилиш материаллари саноати, фармацевтика, тўқимачилик, чарм-пойабзал ва бошқа тармоқлар бўйича ҳам йирик лойиҳалар амалга оширилаётгани маълум қилинди.

Шавкат Мирзиёевнинг таъкидлашича, иқтисодий соҳани модернизация қилиш мақсадида халқаро молия ташкилотларининг маблағлари ҳисобидан қиймати 1 миллиард 200 миллион долларлик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Жумладан, ҳар бир ҳудудда замонавий агрохизмат марказларини ташкил этиш учун Жаҳон банкининг 500 миллион долларлик маблағи жалб этилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Кўксарой қароргоҳида 31 август куни Ўзбекистон Мустақиллигининг йигирма тўққиз йиллигига бағишланган байрам тадбири бўлиб ўтгани ҳақида хабар берилган эди. Байрам тадбирида Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда учинчи Ренессанс даврига пойдевор яратилаётгани ҳақида таъкидлади.

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев Шаҳидлар хотираси хиёбонига ташриф буюргани ва Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига гулчамбар қўйгани маълум қилинди.

Ўзбекистонда 2020 йил «Ҳар бир оила — тадбиркор» дастурини амалга ошириш учун 4 триллион сўмдан зиёд маблағ йўналтирилиши маълум бўлди.