Ўзбекистонда «Ҳар бир оила — тадбиркор» дастури учун 4 трлн сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилади

Шавкат Мирзиёев Кўксарой қароргоҳида 31 август, душанба куни мамлакат мустақиллигининг йигирма тўққиз йиллигига бағишланган байрам тадбирида хусусий бизнес ва тадбиркорлик масалаларига тўхталиб ўтди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Маълум қилинишича, Ўзбекистонда 2020 йил «Ҳар бир оила — тадбиркор» дастурини амалга ошириш учун 4 триллион сўмдан зиёд маблағ йўналтирилади.

«Ишончим комил, ана шундай тизимли ишларимиз орқали йил якунига қадар ишлаб чиқариш қувватларининг узлуксиз фаолиятини ва иқтисодиётимиз барқарорлигини, албатта, таъминлаймиз» — деди Шавкат Мирзиёев.

Шунингдек, Президент мамлакатда кўплаб янги корхона ва турар жойлар, йўл ва кўприклар, инфратузилма объектлари, илм-фан, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт масканлари барпо этилаётганини ҳам таъкидлади. Ҳозирги вақтда биргина ижтимоий соҳанинг ўзида 2 минг 400 га яқин объектда қурилиш ишлари жадал олиб борилаётганини маълум қилди.

«Пойтахтимиздаги куни кеча фойдаланишга топширилган янги ерости ва ерусти метро линиялари, Ғалаба боғи, Адиблар хиёбони сингари муҳташам мажмуалар, барча ҳудудларимизда қад кўтараётган замонавий бино ва иншоотлар халқимизнинг улкан бунёдкорлик салоҳиятидан ёрқин далолатдир» — деди Президент.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Кўксарой қароргоҳида 31 август куни Ўзбекистон Мустақиллигининг йигирма тўққиз йиллигига бағишланган байрам тадбири бўлиб ўтгани ҳақида хабар берилган эди. Байрам тадбирида Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда учинчи Ренессанс даврига пойдевор яратилаётгани ҳақида таъкидлади.

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев Шаҳидлар хотираси хиёбонига ташриф буюргани ва Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига гулчамбар қўйгани маълум қилинди.

Янгиликлар