Шавкат Мирзиёев Инқирозга қарши курашиш жамғармасини тугатиш бўйича қарорни имзолади

Шавкат Мирзиёев томонидан 30 декабрь куни имзоланган қарорга кўра Молия вазирлиги ҳузуридаги Инқирозга қарши курашиш жамғармаси тугатилади. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Маълум бўлишича, жамғарма фаолияти 2021 йил 1 январдан тўхтатилади.

Жамғарма ҳисобидан ажратилган маблағларнинг ўзлаштирилмаган қисми ҳамда жамғарманинг 2020 йил охирига қолдиқ маблағлари давлат буджетига ўтказилади.

2021 йилда коронавирус инфекциясининг тарқалишига қарши курашиш тадбирлари давлат буджетида коронавирус пандемиясига қарши курашиш ва вакцина сотиб олиш харажатлари доирасида молиялаштирилади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирус пандемиясига қарши курашиш тадбирлари дастлабки ҳисоб-китоблардан узоқроқ муддат давом этаётганлиги ва бу қўшимча харажатларни талаб этилганлиги сабабли Инқирозга қарши курашиш жамғармаси харажатлари 10 триллион сўмдан 13,4 триллион сўмгача оширилганди.

Маълумот ўрнида, Молия вазирлиги ҳузуридаги Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ҳисобига 11 август кунига қадар жами 10 триллион сўм келиб тушган эди. Улардан 9,87 триллион сўми халқаро молия институтларининг имтиёзли кредитлари, 123,5 миллиард сўм эса давлат буджети ҳисобидан келиб тушгани ва жамғармадан 7,8 триллион сўм сарфлангани маълум қилинганди.

Янгиликлар