Ўзбекистонда 4 млрд сўмдан ортиқ электр энергияси талон-тарож қилинди
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилди

Республика бўйлаб жами 4,5 млрд сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари фош этилди, деб хабар беради Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти матбуот хизмати.
Биринчи ҳолатда, Бекобод тумани бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувларда M.O. фермер хўжалиги раҳбари Ф.С. «Янги Ҳаёт» МФЙ ҳудудидаги ва T.A. деҳқон хўжалиги раҳбари Т.А. «Хос» МФЙ ҳудудидаги ер майдонларида сув насосларини электр тармоғига ўзбошимчалик билан тўғридан-тўғри улаб, 2,1 млрд сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланганликлари аниқланган.
Иккинчи ҳолатда, департаментнинг Нурафшон шаҳри бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда T.Y. МЧЖ масъул шахслари ва бошқалар 37 та кўп қаватли уйлардаги лифт, насос ва ёритгичларни электр тармоғига ўзбошимчалик билан тўғридан-тўғри улаб, 1,6 млрд сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланганликлари аниқланган.
Учинчи ҳолатда, департаментнинг Пискент тумани бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда фуқаро И.К. «Зоминовул» МФЙ ҳудудидаги ер майдонида сув насосини электр тармоғига ўзбошимчалик билан тўғридан-тўғри улаб, 425,1 млн сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланганлиги аниқланган.
Тўртинчи ҳолатда эса, департаментнинг Наманган вилояти бошқармаси томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда фуқаролар Х.Ш. ва А.А. Тўрақўрғон тумани, «Яндама» МФЙ ҳудудидаги дала шийпонида умумий фойдаланишдаги электр тармоғига тижорат мақсадида ўзбошимчалик билан уланиб, 282,8 млн сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланганликлари аниқланган.
Бешинчи ҳолатда эса, департаментнинг Нурота тумани бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда фуқаро Д.Т. «Янгиҳаёт» МФЙ ҳудудидаги хонадонида электр тармоғига ўзбошимчалик билан уланиб, 143,5 млн сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланганлиги аниқланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.





