Қашқадарёда ҳайдовчи қочишга уриниб, ЙПХ автомобилига бориб урилди

Фуқаро бир неча марта тўхташ ҳақидаги талабга бўйсунмаган, кейинчалик у қўлга олинган

Қашқадарё вилояти Чироқчи туманида ЙПХ ходимларининг талабларига бўйсунмай, қочишга уринган ҳайдовчи ушланди. Бу ҳақда вилоят ИИБ матбуот хизмати хабар беради.

Маълум бўлишича, тунги хизматга жалб қилинган ЙПХ инспекторлари томонидан Nexia-2 русумли автомашина ҳужжатларини текшириш мақсадида тўхтатилган.

Бироқ, ҳайдовчи ЙПХ ходимининг қонуний тўхташ ишорасига бўйсунмасдан, воқеа жойидан яширинишга уринган.

Кейинги чорраҳада хизмат олиб бораётган ЙПХ ходими томонидан ҳам ҳайдовчига бир неча бор тўхташ ишораси берилганига қарамай, у ички ишлар органлари ходимларининг қонуний талабларини бажармасдан ҳаракатни давом эттирган.

Оқибатда, патрул экипажи томонидан қарама-қарши йўналишда ҳаракатланиб келаётган Nexia-2 русумли автомашинанинг ҳаракати хизмат автомашинаси ёрдамида чекланган. Бироқ ҳайдовчи патрул автомашинасига тўқнашиб, йўл-транспорт ҳодисаси содир этган ва воқеа жойидан яна яширинишга уринган, — дейилади хабарда.

Кўрилган тезкор чора-тадбирлар натижасида ҳайдовчининг шахси аниқланиб, ушланган. Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Ўзбекистон