Наманганда 570 млн сўмдан ортиқ сифати кафолатланмаган дорилар аниқланди

Дори воситалари қўшни республика ҳудудидан айланма йўллар орқали олиб келинган

Наманган вилоятида катта миқдордаги тегишли ҳужжатлари бўлмаган дори воситаларининг айланмаси тўхтатилди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар беради.

Тадбир давомида Наманган шаҳридаги уйлардан бири холислар иштирокида кўздан кечирилганда, унда 1996 й.т. фуқаро томонидан келгусида сотиш мақсадида санитария қоидаларига зид равишда сақлаб келинаётган дори воситалари борлиги аниқланди.

Хусусан, тегишли ҳужжатлари бўлмаган ҳамда сифати кафолатланмаган 56 турдаги жами 13184 дона дори воситалари, жумладан, «Сефотаксим», «Бифидумбактерин», «Атропин», «Тидомет форте» ва бошқа турдаги препаратлар ашёвий далил сифатида олинди.

Аниқланишича, ушбу «яширин омбор»да сақланаётган дори воситалари қўшни республика ҳудудидан айланма йўллар орқали олиб келинган.

Баҳолаш хулосасига кўра, уларнинг умумий қиймати 577 млн 381 минг сўмни ташкил этади.

Ҳозирда мазкур шахсга нисбатан Жиноят Кодексининг 186-3-моддаси 3-қисми «а» билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ўзбекистон