Тошкент аэропортида вино шишаларида синтетик наркотикларни олиб кирмоқчи бўлганлар ушланди

Гиёҳвандлик воситалари вино шишалари ва пластик идишлардан топилди

Тошкент халқаро аэропортида гиёҳвандлик воситаларини олиб киришнинг олди олинди, деб хабар бермоқда Божхона қўмитаси матбуот хизмати.

Хусусан, 4 август куни чегара божхона пости ходимлари билан ҳамкорликда гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний олиб кирилиши ва ички ҳудуддаги яширин айланмасига қарши навбатдаги тезкор тадбир ўтказилади.

Натижада, пойтахт аэропортида Бангкокдан учиб келган ва божхонадан «яшил» йўлак орқали ҳаракатланган 2 нафар йўловчининг багажларида бир-бирига ўхшаш 2 шишадан вино ва 2 донадан пластик қутиларда жами 6.8 кг. оғирликдаги «Мефедрон» синтетик гиёҳвандлик воситасини олиб киришга уриниш фош қилинади.

Қайд этилишича, йил бошидан буён республика божхоначилари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар билан ҳамкорликда аниқланган 471 та ҳолатда салкам 1 тонна 800 кг гиёҳвандилк воситаларининг божхона чегаралари орқали ноқонуний равишда олиб ўтилиши ва ички ҳудуддаги яширин айланмасига чек қўйишган.

Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан жиноят иши қўзғатилган.

Ўзбекистон