Наманганда тегажоғликдан сўнг эркакни урган 18 ёшли қизга қўлланилган жарима бекор қилинди

Апелляция инстанцияси унинг ҳаракатлари зарур мудофаа ҳолатида содир этилганлигини аниқлади

Эслатиб ўтамиз, Наманганда автобусда тегажоғликка учраган қиз жаримага тортилган эди. Эркак унинг сонидан ушлаган, шундан сўнг қиз уни урган.

Маълумот учун, жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар судининг 2026 йил 11 августдаги қарори билан С.Ж. (аёл, 2007 йилда туғилган) енгил тан жароҳати етказишда ифодаланган ҳуқуқбузарликни содир қилган деб топилиб, унга  базавий ҳисоблаш  миқдорининг ярим баравари миқдорида жарима жазоси тайинланган.

Наманган вилоят судининг апелляция инстанцияси ишни қайта кўриб чиқиб, 18 ёшли қизнинг ҳаракатлари зарур мудофаа ҳолатида содир этилганлигини аниқлади.

Хусусан, апелляция инстанциясида ушбу маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш С. Ж.нинг шикояти асосида қайта кўрилиб, биринчи инстанция судининг қарори ўзгартирилди. Юқори инстанция судининг қарорига асосан С. Ж.нинг ҳаракатлари зарурий мудофаа ҳолатида содир этилган деб топилиб, маъмурий ишнинг унга оид қисми МЖтКнинг 271-моддаси 4-бандига асосан тугатилди.

Шунингдек, биринчи инстанция суди ҳуқуқбузар А. Н.га нисбатан ҳуқуқбузарликни ижтимоий хавфлилигини инобатга олмасдан енгил жазо тайинлаганлиги сабабли, юқори инстанция суди томонидан суд қарорининг ҳуқуқбузарга оид қисми бекор қилиниб, А. Н.га нисбатан оғирроқ жазо тайинланди.

Ўзбекистон