Навоийда 340 млн сўмлик олтин савдоси фош этилди
Ҳозирда гумонланувчиларга нисбатан Жиноят иши қўзғатилган

Навоий шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда ноқонуний олтин савдосига чек қўйилди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар беради.
Хусусан, Бухоро вилоятининг Шофиркон туманида яшовчи, 1987 ва 1993 йилларда туғилган 2 нафар шахс 212,9 гр қуйма олтинни харидорга 340 млн сўмга сотишга келишишади.
Ушбу шахслар мижозга 999 пробали 26,3 гр олтинни берган ҳолда, қолган қисмини кейинроқ етказиб беришларини айтиб, ундан 20 минг АҚШ доллари ва 100 млн сўм олган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланади.
Шунингдек, улардан бири ўз яшаш хонадонида қумдан олтинни ажратиб олишга мўлжалланган яширин цех ташкил қилганлиги ҳам аниқланади.
Ҳозирда уларга нисбатан Жиноят Кодексининг 177-моддаси 4-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.





