Ўзбекистонда Таиланддан олиб келинган синтетик наркотиклар фош этилди

Ҳозирда гумонланувчиларга нисбатан жиноят иши қўзғатилган

Ўзбекистонда хориждан олиб келинган гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар беради.

Жумладан, «Бангкок – Тошкент» йўналишида учиб келган 2004 йилда Жиззах вилоятида туғилган ва 1993 йилда пойтахтда туғилган 2 нафар фуқаро Тошкент халқаро аэропортида текширувдан ўтказилган.

Натижада, уларга тегишли юклар ичида шиша ва алюминий идишларга қадоқлаб, яширилган 4,6 кг «Мефедрон» синтетик наркотик моддаси борлиги маълум бўлган.

Шунингдек, уларнинг пойтахтдаги яшаш манзили кўздан кечирилганда 1,5 литр гашиш мойи ва 8 литр эритувчи воситалар борлиги аниқланиб, тегишли тартибда расмийлаштириб олинган.

Бундан ташқари, тезкор тадбир давом эттирилиб, хориждан келтирилган наркотик моддаларни Тошкент шаҳрида қабул қилиб олган вақтида 1997 йилда Жиззах вилоятида туғилган шахс ушланиб, ундан ҳам 635 гр «Альфа-PVP» гиёҳвандлик воситаси олинган.

Ҳозирда ушбу шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг 246-моддаси (контрабанда) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ўзбекистон