Ўзбекистоннинг 5 та экспортчи корхонасига фитосанитария қоидаларини бузгани учун Россияга киришига чеклов киритилди

4 та вилоятда жойлашган 5 та корхона фитосанитар қоидаларни мунтазам бузган

Россия Федерациясининг Ветеринария ва фитосанитария назорати бўйича федерал хизмати томонидан 2026-йил 23-июльдан бошлаб Ўзбекистоннинг 5 та экспортчи корхонасига нисбатан карантин остидаги маҳсулотларни Россия ҳудудига олиб киришга вақтинчалик чекловлар жорий этилаётгани ҳақида хабар берилган эди.

Натижада, Россия томони мазкур чекловлар юзасидан расмий маълумот тақдим этди.

Хусусан, фитосанитария талабларини мунтазам бузиш ҳолатлари қайд этилган экспортчи корхоналарнинг:

• 1 таси Хоразм вилояти Янгибозор туманида ( 15 та ҳолат);

• 1 таси Сурхондарё вилояти Узун туманида (11 та ҳолат);

• 2 таси Навоий вилояти Қизилтепа туманида (15 та ҳолат);

• 1 таси Бухоро вилояти Ғиждувон туманида (7 та ҳолат) жойлашган.

Қайд этилишича, айни пайтда тақдим этилган расмий маълумотномалар ва эътирозномалар ҳар бир корхона кесимида ўрганилмоқда.

Ўрганишлар давомида маҳсулот етиштириш, сақлаш, саралаш ва экспортга тайёрлаш жараёнлари ўрганилади, фитосанитария назорати ва кузатувчанлик тизимининг амалдаги ҳолати текширилади, миллий қонунчилик ҳамда халқаро фитосанитария талаблари асосида тегишли ҳуқуқий ва ташкилий чоралар кўрилади.

Мазкур чекловлар фақат Россия томони томонидан фитосанитария талаблари бузилгани қайд этилган ушбу 5 та экспортчи корхонага нисбатан қўлланилмоқда.

Ўзбекистон