Рақобат қўмитаси тадбиркорлардан муаммолар бўйича мурожаат ва таклифлар қабулини бошлади
Қўмита томонидан барча мурожаатлар ўрганилиб, аниқланган муаммоларни ҳал этилади

Рақобат қўмитаси миллий брендларнинг эгалари бўлган ишлаб чиқарувчилар ва тадбиркорлар фаолиятида учраётган бир қатор салбий ҳолатлар бўйича мурожаат ва таклифларни қабул қилишини элон қилди.
Эслатиб ўтамиз, 21 июль куни давлат раҳбари томонидан мутасаддиларга маҳаллий брендларни қўллаб-қувватлаш бўйича дастур ишлаб чиқиш топширилган эди.
Шундан сўнг, мазкур топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида Рақобат қўмитаси миллий брендларни қўллаб-қувватлаш ва маҳаллий ишлаб чиқарувчилар фаолиятини ривожлантириш бўйича мурожаат ва таклифларни қабул қила бошлади.
Маҳаллий маҳсулотларга нисбатан инсофсиз рақобат, шу жумладан:
• демпинг нархлар қўллаш;
• товар белгисини қалбакилаштириш;
• миллий брендни обрўсизлантириш, нотўғри таққослаш;
• тижорат сирини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни, хусусан, фан-техникага, ишлаб чиқаришга ёки савдога оид ахборотни эгасининг розилигисиз олиш, ундан фойдаланиш, уни ошкор этиш;
• товар ёки молия бозорига киришига тўсқинлик қилиш ёки бозордан четлаштириш ва бошқалар.
Бундан ташқари, импортдан келтирилган контрафакт маҳсулотлар:
• фаолиятни юритишдаги турли бюрократик тўсиқлар;
• ички ва ташқи бозорларга чиқишдаги муаммолар;
• рақобатни чеклаётган бошқа муаммолар.
Тадбиркорлар мурожаат ва таклифларини Қўмитанинг расмий @rquzbot телеграм боти орқали юборишлари мумкин.
Қўмита томонидан барча мурожаатлар ўрганилиб, аниқланган муаммоларни ҳал этиш юзасидан тегишли чоралар кўрилиши таъкидланди.





