Ўзбекистонда киберфирибгарликдан ҳимоя қилиш чоралари кучайтирилади

Сенатга киберхавфсизлик талаблари бузилган тақдирда банклар ва тўлов ташкилотлари фуқароларга етказилган зарарни қоплаб беришини назарда тутувчи қонун лойиҳаси юборилди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари киберхавфсизликни таъминлаш ва рақамли муҳитда ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш тўғрисидаги қонун лойиҳасини қабул қилиб, Сенатга юборди, хабар беради парламент қуйи палатаси матбуот хизмати.

Таъкидланганидек, қонун лойиҳаси иккинчи ўқишга тайёрланиш жараёнида депутатлар томонидан билдирилган таклифлар асосида унинг қатор нормалари қайта кўриб чиқилди ва ҳуқуқни қўллаш амалиётидан келиб чиққан ҳолда янада такомиллаштирилган.

Жумладан, «Тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисида»ги Қонунга киритилаётган ўзгартишларга мувофиқ, киберхавфсизлик талабларига риоя этилмагани ёки шубҳали (фрод) операцияларнинг олдини олиш чоралари кўрилмагани оқибатида фуқароларга моддий зарар етказилса, мазкур зарарни банклар, тўлов тизими операторлари ёки тўлов ташкилотлари томонидан қоплаш тартиби белгиланмоқда.

Бу молиявий хизматлар бозори иштирокчиларининг ахборот хавфсизлиги соҳасидаги масъулиятини янада оширишга хизмат қилади.

Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилаётган янги нормалар билан масофадан давлат хизматлари кўрсатиш тизимидаги шахсий аккаунтларни ёки абонент қурилмасининг идентификация модулларини ғаразли мақсадларда бошқа шахсларга бериш, шунингдек, ўзга шахснинг аккаунти ёки абонент рақамидан ноқонуний фойдаланиш учун маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда.

Жиноят-процессуал кодексига киритилаётган ўзгартишлар эса рақамли далиллар билан ишлашнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришга қаратилган. Унга кўра, терговга қадар текширувни амалга оширувчи органнинг мансабдор шахсига ахборот технологияларидан фойдаланиб содир этилган жиноятлар доирасида иш учун аҳамиятли бўлган электрон маълумотлар, ҳужжатлар ва бошқа ашёвий далиллар қаерда экани аниқ бўлган ҳолларда уларни белгиланган тартибда олиб қўйиш имконияти берилмоқда.

Яна бир муҳим янгилик сифатида банк ҳисобварақлари, электрон ҳамёнлар ва крипто-активлар бўйича операцияларни вақтинча тўхтатиб туриш процессуал мажбурлов чораси сифатида жорий этилмоқда. Бу ноқонуний ўзлаштирилган маблағларни бошқа шахсларга ўтказиб юборилишининг олдини олишга хизмат қилади.

Мажлисда қонун лойиҳаси қабул қилинди ва Сенатга юборилди.

 

Ўзбекистон