Шавкат Мирзиёев Тошкент — Самарқанд янги автомобиль йўли қурилишига старт берди
Қиймати қарийб $2,2 миллиард бўлган магистраль йўлнинг умумий узунлиги 282 км ни ташкил этади

Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ туманига ташрифи давомида янги Тошкент — Самарқанд пуллик йўли қурилишининг биринчи тамал тошини қўйиш маросимида иштирок этди.
Давлат раҳбари, Тошкент – Самарқанд йўналишидаги янги автомобил йўли қурилишини мамлакат транспорт инфратузилмасини ривожлантиришдаги навбатдаги улкан тарихий қадам, деб атади.
Сўнгги 10 йилда 78 триллион сўм ҳисобидан жами 128 минг километр йўлда қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилди. Президент бугун соҳада том маънода янги давр бошланаётганини таъкидлади.
Қиймати қарийб 2,2 миллиард доллар бўлган олти полосали замонавий автомагистралнинг умумий узунлиги 282 километрни ташкил этади. Лойиҳа доирасида 92 та кўприк, 28 та йўл ўтказгич ва 60 та туннел типидаги ўтиш жойи қурилади.
Йўлга оғир ва юқори тезликда ҳаракатланадиган транспорт воситалари қатновига чидамли монолит бетон қоплама ётқизилади. Текис ҳудудларда соатига 150 километр тезликда ҳаракатланиш имкони яратилади, замонавий хавфсизлик ечимлари ва рақамли қулайликлар йўл-транспорт ҳодисаларини кескин камайтиради.
Янги магистрал ишга тушгач, Тошкентдан Самарқандга етиб бориш вақти 5 соатдан 2,5 соатга қисқаради. Йўл суткасига 60 мингдан 80 мингтагача транспорт воситасини ўтказади, юк ташиш таннархи эса 20-24%га пасайиши кутилмоқда.
Тошкент – Самарқанд янги автомобил йўли ҳудудларда иқтисодий фаолликни янги босқичга кўтаради. Жаҳон банки таҳлилига кўра, бундай лойиҳаларга сарфланган ҳар бир доллар инвестиция иқтисодиётга 5 баробаргача қайтади.
Янги магистрал Тошкент шаҳри, Сирдарё, Жиззах ва Самарқанд вилоятлари ялпи ҳудудий маҳсулотининг 3 фоизга кўпайишига туртки беради. Йўл ўтадиган аҳолиси 2 миллиондан зиёд 13 та туман учун минглаб иш ўринлари ва янги даромад манбалари пайдо бўлади.
Йўл бўйида логистика марказлари, омборлар, саноат ва агросаноат корхоналари, савдо-сервис, меҳмонхона ва туризм объектлари барпо этилади. Қурилишда маҳаллий хизматлар ва қурилиш материалларидан кенг фойдаланиш тадбиркорлар учун йирик буюртмалар ва янги ишлаб чиқариш қувватларини яратади.
Биз бугун Ватанимиз мустақиллигининг ўттиз беш йиллик тўйи арафасида мамлакатимиз келажаги, иқтисодий барқарорлиги ва халқимиз фаровонлиги учун яна бир мустаҳкам пойдевор қўймоқдамиз, – деди президент ва капсула қўйиб, янги автомагистрал қурилишини бошлаб берди.





