Малайзиянинг Ўзбекистондаги янги элчиси тайинланди
Учрашувда, икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди

Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Малайзиянинг Ўзбекистондаги янги тайинланган фавқулодда ва мухтор элчиси Рафеда Бинти Абдул Азиздан ишонч ёрлиқлари нусхаларини қабул қилиб олди.
Учрашувда, Ўзбекистон ва Малайзия ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Сўнгги йилларда олий даражадаги мулоқотлар туфайли икки томонлама муносабатлар сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилгани мамнуният билан қайд этилди.
Савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, инвестициявий ҳамкорликни чуқурлаштириш ва кўплаб соҳаларда янги қўшма лойиҳаларни илгари суриш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Элчи хонимга мамлакатдаги дипломатик фаолиятида улкан муваффақиятлар тилаб, унинг масъулиятли фаолияти ҳар томонлама қўллаб-қувватланиши билдирилди.





