«Ўзбекнефтгаз» собиқ раҳбари Баҳодир Сидиқовга оид иш судга оширилди

Сидиқов ва яна саккиз киши, жумладан, Enter Engineering ва Eriell вакилларига нисбатан иш кўрилмоқда

Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича Яшнабод туман судида «Ўзбекнефтгаз» собиқ бошқарув раиси Баҳодиржон Сидиқов ва бошқа айбланувчиларга нисбатан иш кўриб чиқилмоқда.

Иш бўйича, шунингдек, Enter Engineering вакили Улуғбек Усмонов, Eriell Management вакили Нодиржон Бобоев, «Ўзбекнефтгаз» бошқаруви раисининг собиқ ўринбосари Бахтиёр Анаркулов, «Ўзбекнефтгаз» Харидлар департаменти бошлиғи Дилмурод Бурханов, «Ўзбекнефтгаз» ҳузуридаги Maxsusenergogaz корхонаси раҳбари Дилшод Ҳақбердиев, Алишер Очилов, Ҳамидулла Асатов ва Масъуджон Ҳошимов ўтмоқда.

Сидиқов Жиноят кодексининг 167-моддаси 1-қисми ҳамда 3-қисми «а» ва «в» бандлари (ўзганинг мулкини ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш, жумладан кўп миқдорда ва уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этиш), 205-моддаси 2-қисми «а» ва «б» бандлари (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, жуда кўп миқдорда зарар етказган ҳолда ёки уюшган гуруҳ манфаатларини кўзлаб содир этиш) ва 209-моддаси 2-қисми «а» ва «б» бандлари (мансаб сохтакорлиги, такроран ёки хавфли рецидивист томонидан ёхуд уюшган гуруҳ манфаатларини кўзлаб содир этилиши) бўйича айбланмоқда.

Бошқа айбланувчиларга жуда кўп миқдорда ва уюшган гуруҳ манфаатларини кўзлаб ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш, шунингдек мансаб сохтакорлиги айбловлари қўйилмоқда.

Анаркуловга қўшимча равишда жуда кўп миқдорда зарар етказган ҳолда ва уюшган гуруҳ манфаатларини кўзлаб мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш айблови илгари сурилган. Бобоев эса фақат ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш моддаси бўйича айбланмоқда.

Эслатиб ўтамиз, январда президент Шавкат Мирзиёев Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳамда «Ўзбекнефтгаз»да миллиардлаб сўмлик талон-торожликлар аниқлангани, ушбу ташкилотларда кенг кўламли текширув ўтказилаётганини маълум қилган эди.

Ўзбекистон