Тошкентда наркотик моддалар савдоси билан шуғулланган хорижликлар ушланди

Ҳозирда қонунбузарларга нисбатан жиноят иши қўзғатилган

Ўзбекистонда гиёҳвандлик воситалари савдоси билан шуғулланувчи хориж фуқаролари қўлга олинди. Бу ҳақда, Давлат хавфсизлик хизмати хабар беради.

Хусусан, жорий йилнинг 12 июн куни мамлакатга келган Украина давлатининг 1994, 1997 ва 2001 йилларда туғилган 3 нафар фуқароси вақтинчалик истиқомат қилаётган Тошкент шаҳар Яшнобод туманидаги иккита хонадон холислар иштирокида кўздан кечирилади.

Натижада, пойтахтнинг турли манзилларида «закладка» тарзида тарқатиш учун кичик бўлакларда тайёрлаб қўйилган наркотик моддалар борлиги маълум бўлади.

Аниқланишича, улар «гашиш», «мефедрон» ва «альфа-ПВП» гиёҳвандлик воситалари ҳисобланиб, умумий оғирлиги 1 кг 945 гр. ни ташкил этади.

Шунингдек, интернет наркодўкон ташкилотчилари томонидан мазкур чет эл фуқароларига келгусида қайта қадоқлаб, пойтахт ҳудудида тарқатишлари учун хуфия жойда қолдирилган жами 460 гр «мефедрон» ва «альфа-ПВП» ҳам ашёвий далил сифатида олинади.

Ҳозирда қонунбузарларга нисбатан Жиноят Кодексининг 273-моддаси 6-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилди. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ўзбекистон