«15 млн эмас, балки 60 мингга яқин шахсий маълумот» — вазир Шерзод Шерматов фуқароларнинг маълумотлари тарқалишига изоҳ берди

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда Ўзбекистоннинг 15 млн фуқаросининг шахсий маълумотлари тарқалгани ҳақида хабар берилган эди. Рақамли технологиялар вазирлигида бўлиб ўтган матбуот анжуманида киберҳужум тафсилотлари ва унинг оқибатларига ойдинлик киритилди, деб ёзади Kun.uz

 

Вазир Шерзод Шерматовнинг сўзларига кўра, жорий йил 27–30 январь кунлари 3 та давлат идорасининг ахборот тизимларига киберҳужумлар амалга оширилган.

Натижада ҳужум оқибатида 15 млн эмас, балки 60 мингга яқин шахсий маълумотлар тарқалган. Бу ерда 60 минг киши эмас, балки 60 мингта маълумот бирлиги назарда тутилаётгани, яъни фуқароларнинг исм-шарифи, туғилган санаси, манзили, телефон рақами каби маълумотлардан иборатлиги билдирилди.

Шерматов киберҳужумни бартараф қилиш мақсадида ахборот инфратузилмаларига келгусидаги рухсатсиз киришларга чек қўйилганини ва техник қурилмаларида ҳимоя воситалари янада кучайтирилганини таъкидлади. Тарқалган маълумотлар фуқаронинг шахсий иштирокисиз унинг номидан бирор хатти-ҳаракатни амалга ошириш мумкин эмаслиги билдирилди.

Бундан ташқари, OneID тизимида қўшимча хавфсизлик чоралари жорий этилди. Эндиликда шахсий маълумотларни фақат эгасининг розилиги билан бошқа тизимларга тақдим этиш ёки чеклаш мумкин.

Ўзбекистон